Смекни!
smekni.com

Хитой халк республикаси ва Узбекистоннинг энергетика сохасидаги алокаларининг ривожланиш

ХИТОЙ ХАЛҚ РЕСПУБЛИКАСИ ВА ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЭНЕРГЕТИКА СОҲАСИДАГИ АЛОҚАЛАРИНИНГ РИВОЖЛАНИШ ХУСУСИЯТЛАРИ

Ҳозирги даврдаги жаҳон молиявий-иқтисодий инқирозига қарамасдан, Хитой Халқ Республикаси (ХХР) иқтисодиёти жадал тарзда ривожланаётган бўлиб, унинг саноат ишлаб чиқариш соҳалари учун энергия истеъмоли ҳам ортиб бормоқда. ХХРда энергия ишлаб чиқариш ҳажми унинг ўз истеъмолини тўлиқ қондирмаганлиги учун, у энергия маҳсулотларини импорт қилади ва айнан энергия импортини камайтириш масаласи мамлакат иқтисодиёти учун долзарблигича қолмоқда. Шунингдек, ХХРнинг яна бир йирик муаммоси - бу экологик муаммо бўлиб, xукумат уни ҳал қилиш устида тинмай меҳнат қилиб, турли хил дастурлар ва лойиҳалар устида иш олиб бормоқдадир.

ХХРда энергияга бўлган талаб йил сайин ошиб борар экан, бу албатта, қўшни давлатлари бўлган, МДҲ мамлакатлари ва Осиё – Tинч океани давлатларида энергия савдоси ҳажмининг ошиб боришига ҳам сабаб бўлади. Шуни таъкидлаш лозимки, 1990 йилларда ХХРнинг нефтга бўлган талаби йилига 5,3%га ўсган ва бу ҳолат ҳозирги кунга келиб ҳам давом этмоқдадир.

Ҳозирги кунда Осиё – Тинч океани ҳавзасидаги ХХРнинг энергия истеъмолидаги улуши 64%га тенг бўлиб, бу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда. Хусусан, ҳозирги пайтда, ХХР ўзини энергия ресурслари билан таъминлашда Россия ва Марказий Осиё давлатрадан фойдаланмоқда. Мазкур соҳада улар билан ҳамкорлик қилиш режаларини тузиб чиқди ва бугунги кунда амалда татбиқ этмоқда. Бунга асосий сабаб, авваламбор, унинг шу давлатлар билан чегарасининг умумийлиги бўлиб, иккинчи сабаби эса; Россия ва Марказий Осиё давлатларининг хом – ашё заҳираларга бойлиги ва географик жиҳатдан қулайлиги, натижасида ХХРнинг газ ва нефтга бўлган эҳтиёжининг 50%дан ортиғини қондираётганлигини қайд этиш лозим. Бу келишувларнинг барчаси, Шанхай Хамкорлик Ташкилоти доирасида амалга оширилиб келинмоқда.

Шуни таъкидлаш лозимки, ҳар қандай давлат ўз иқтисодий манфаатидан келиб чиқиб, иқтисодий ва савдо алоқаларини ривожлантиради. Хусусан, расмий Пекин ҳам бундан мустасно эмас. Шу қаторда биз, ХХРнинг Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий – иқтисодий алоқаларини янада кучайтиришга сабаб бўлаётган айрим омилларга тўхталиб ўтишни лозим топдик:

I. Марказий Осиё минтақасидаги бой энергия ресурслари ва хом – ашё ресурлари учун курашда ХХРни фаоллигини ошиши;

II. Ўз барқарорлигини таъминлашни давом эттирган ҳолда, чегаравий худудларини ривожлантиришни қўллаб – қувватлаши;

III. Марказий Осиё давлатларининг арзон ХХР маҳсулотларига эҳтиёжларининг мавжудлиги, томонларнинг бир-бирига бўлган боғлиқлигини оширади;

IV. ХХРда ортиқча ишчи кучининг кўплиги ва халқаро лойиҳалардан фойдаланган ҳолда, ортиқча ишчи кучини экспорт қилиш сиёсатини амалга ошираётганлиги.

XXPнинг Марказий Осиё давлатлари орасидаги муҳим ҳамкори Ўзбекистон Республикаси ҳисобланади. Унинг иқтисодий барқарорлиги, ташқи қарзининг унча катта эмаслиги, валюта заҳирасининг етарлилиги билан ХХРни ўзига жалб қилиб келмоқда. Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси олдида ўз энергетика саноатини ривожлантириш масаласини ҳал этишда Хитой тажрибасини ўрганиш муҳимдир ва у қуйидагиларни ўз ичига қамраб олиши керак:

- ХХРнинг энергетика сохасидаги амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёни ва унинг таркибий ўзгаришларини изчиллик билан ўрганиш;

- ХХР энергетик стратегиясини, хусусан, унинг Ўзбекистон билан бўлган муносабатларини таҳлил қилиш асосида, ўз энергетик стратегиясини ишлаб чиқишда фойдаланиш;

- ХХР билан транспорт–коммуникациясини ривожлантириш масалаларини ҳал қилиш, хусусан, углеводородларни транспoртировка қилишда темир ва автомобил йўлларини биргаликда қуриш ишларини амалга ошириш.

Ҳозирги пайтда ХХР ўз энергия ресурсларига бўлган талабини 90%ини ўзининг ишлаб чиқариш салоҳияти орқали таъминламоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, ХХРда исътемол қилинаётган энергия ресурсларининг 65%и махаллий кўмирга тўғри келади. Бу эса, жаҳон кўмир истеъмолини 30%и ХХРга тўғри келишини англатади. Тахминларга кўра, келажакда ХХРнинг бирламчи энергияга бўлган эхтиёжи ҳозирги 35 – 40%дан - 55 – 60%гача ортиши кутилмоқда[1].

ХХР ўз олдига янги техника ва технологиялар ёрдамида алтернатив энергия ресурсларидан кенг фойдаланиш ва атом энергетикаси эвазига энергия истеъмоли таркибини ўзгартиришни мақсад қилиб қўйган. 2020 йилга келиб, энергетикага бўлган эхтиёжининг барқарорлигини 14 – 15% атрофида ушлаб туриш кўзда тутилмоқда. Хитойнинг ҳозирги кундаги улуши 12%ни ташкил этади.[2]

Энг қизиғи шундаки, ҳар қандай ҳолатда ҳам, хаттоки 15 йилдан кейин ҳам, ХХРнинг энергияга бўлган эҳтиёжи ва истеъмоли, АҚШ дан 1,3 – 1,4 маротаба паст бўлиши ва унинг аҳоли жон бошига истеъмоли кўрсаткичи 1/6 ташкил қилиши кутилмоқда (ҳозирги истеъмол кўрсаткичи 1/8 ни ташкил қилади)[3].

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, жаҳондаги молиявий – иқтисодий инқироз даврида ташқи талабнинг пасайиши, Хитой саноатининг ишлаб чиқариш соҳасига салбий таъсир этди ва ундаги энергетик ресурсларнинг пасайишига олиб келди.

Ҳозирги кунда ХХР анаънавий энергетик ресурслардан фойдаланишни маълум миқдорда чеклаш ва бир хилликдан воз кечиш сиёсатини олиб бормоқда. ХХР яқин келажакда алтернатив энергия ресурсларидан кенг қамровда фойдаланишни ва кам харажатли энергетик ресурсларни яратиш устида муайян ишларни олиб боришга ҳаракат қилмоқда.

Юқоридаги фикрларни жамлаб, биз кўтарилган долзарб мавзуга якун ясаган ҳолда, қуйидаги таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишни лозим топдик:

1. Ўзбекистон ва ХХР орасида энергетика хом – ашёси бўйича экспорт – импорт операцияларини янги босқичга кўтариш;

2. Ўзбекистон ва ХХР иқлими жиҳатидан ғарбий ва жанубий – ғарбий қисмлари иқлимининг ўхшашлиги туфайли, ХХРда анъанавий энергетика воситаларидан, альтернатив энергетика воситаларига ўтиш сиёсатини Ўзбекистон шароитида тадбиқ этиш, хусусан, қуёш энергетикаси ва шамол энергетикасидан кенг фойдаланишни йўлга қўйиш;

3. Ўзбекистонда қайта тикланадиган энергетика саноатини йўлга қўйиш;

4. Аҳоли пунктлари ва йирик шаҳарларни экологик жиҳатдан тоза бўлган, қуёш батареяларига босқичма-босқич ўтказиш;

5. Ҳозирда Навои Индустриал Худудида амалга оширалаётган шамол энергетикаси иншоатларини Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларига ҳам тадбиқ этиш;

6. Альтернатив энергия турларидан фойдаланишга тортиладиган солиқлар фоизини камайтириш ва жаҳон стандартлари даражасига чиқариш.


[1] Доклад МАГАТЭ 2009г

[2] Доклад МАГАТЭ 2009г

[3] Доклад МАГАТЭ 2009г